Ўз фаолиятини амалга ошириш учун жамиятда 6 та бўлим ташкил этилган

Нефт ва газ конларини тадқиқ этиш бўлими нефт ва газ қазиб олиш конларида:

  • ишлатилаётган қудуқларнинг жорий маҳсулдорлик характеристикаларини;
  • қазиб олинаётган газнинг газ-конденсат характеристикаларини;
  • қудуқларнинг жорий сув кўрсаткичларини;
  • қудуқларнинг қатлам босимини ҳамда қазиб олинаётган нефтнинг сувланиш даражасини
аниқлаш бўйича тадқиқот ишларини олиб боради.

Ушбу маълумотлар нефт, газ ва газ конденсатини қазиб олишни режалаштириш, ишлатилаётган қудуқларнинг технологик режимларини тузиш, уларнинг капитал таъмирлаш ишларини режалаштириш, ҳамда қатламдаги қолдиқ флюидларни қазиб олиш лойиҳаларини ишлаб чиқишда қўлланилади.

Газлар, газ конденсатлари, нефтлар ва қатлам сувларининг хусусиятлари ва таркибларини тадқиқ этиш бўлимида:

  • қазиб олинаётган маҳсулотларнинг физик-кимёвий таҳлиллари;
  • нефт ва газ қудуқларининг сувланганлигининг гидро-кимёвий назорати бўйича
тадқиқот ишлари амалга оширилади.

Магистрал қувурлардан олинган товар газларнинг компонент таркиби, зичлиги ва таҳлил натижаларида аниқланган бошқа характеристикалари табиий газни сотувчи ва сотиб олувчи томонлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга оширишда фойдаланилади. Бўлим таркибида "Ўзстандарт" агентлигида акредитацияланган, табиий газни О’zDSt ISO/IEC 17027:2007 стандарти бўйича таҳлиллар амалга оширадиган нефт ва газларни қайта ишланган маҳсулотларини синов лабораторияси фаолият юритади.

Газни тайёрлаш, қайта ишлаш ва атроф муҳитни мухофаза қилиш бўлими:

  • ташиш учун тайёрланган газнинг сифат кўрсаткичларини аниқлаш;
  • қазиб олувчи корхоналарининг газни тайёрлаш қурилмаларида газ-конденсат таҳлилларини бажариш;
  • "Ўзнефтгазқазибчиқариш" АК корхоналари томонидан нақлиёт қилинаётган газнинг сифатини назорат қилиш;
  • атроф-муҳит, тупроқ ва сув ҳавзаларининг саноат чиқиндилари билан ифлосланишини назорат қилиш;
  • табиий газни қуритиш ва тозалаш жараёнида фойдаланиладиган цеолитларни синовдан ўтказиш
каби тадқиқот ишларини амалга оширади.

Тадқиқот натижаларига кўра газни транспортга тайёрлашда йўл қўйилган нуқсонлар тезкор суратда қайд этилиб, товар газларнинг сифатини яхшилаш ҳамда газни тайёрлаш қурилмалари ишларини мўътадиллаштириш бўйича тавсиялар берилади. Бўлим таркибида Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан шаҳодатланган экоаналитик лаборатория фаолият кўрсатади.

Электр-кимёвий муҳофаза бўлими:

  • ер ости қувурларини, саноат коммуникацияларини емирилишдан муҳофаза қилиш;
  • ер ости қувурларининг емирилишдан ҳимоя қопламалари шикастланган жойларини аниқлаш;
  • тупроқнинг металлни емирилиши хавфи юқори бўлган жойларини аниқлаш;
  • емирилишдан муҳофаза қилувчи қурилмалар учун энг мақбул ҳимоя токларини аниқлаш
каби ишларни амалга оширади.

Тадқиқот натижаларига кўра ер ости қувурлари ҳимоя қопламаларининг шикастланган жойларини очиш, қўшимча емирилишдан ҳимоя воситалари ўрнатиш бўйича тавсиялар берилади. Бўлим таркибида шаҳодатланган ўлчов лабораторияси фаолият кўрсатади.

Кон ускуналари ва қувурларнинг ингибиторлик ҳимояси бўлимида:

  • кон ускуналари ва қувурларнинг ингибиторлик ҳимояси ҳолатларини;
  • металлнинг водородланиш даражасини;
  • қўлланилаётган ингибиторларнинг самарадорлигини аниқлаш
каби ишлар амалга оширилади.

Тадқиқот натижаларига кўра қудуқ усти қурилмалари ички сиртларининг емирилишдан муҳофаза қилиш воситаларининг унумдорлиги бўйича тезкор маълумотлар берилади, ҳамда емирилишга қарши чора-тадбирларга оид тавсиялар берилади. Бўлим таркибида шаҳодатланган ўлчов лабораторияси фаолият кўрсатади.

Моддий техника ва ёқилғи энергетика ресурсларини меъёрлаш бўлимида: нефт ва газ қазиб олувчи, газни қайта ишловчи корхоналар учун моддий техника ресурслари сарфи бўйича ҳамда газ, газ конденсатининг корхонанинг ўз эҳтиёжи учун сарфланиши ва йўқотишлари бўйича меъёрлар ишлаб чиқилади. Ушбу меъёрлар моддий техника ресурслари сотиб олишни режалаштиришда, "Ўзнефтгазқазибчиқариш" акциядорлик компанияси бўйича газ ва газ конденсати балансларини тузишда қўлланилади.

Жамият ихтиёрида зарур даражада жиҳозланган, Урал-58401 автоулови шассисида иккита "Қудуқлар тадқиқоти агрегатлари", битта "Сайёр элекр кимёвий лабораторияси" мавжуд. Булардан ташқари йўлсиз ҳудудларда ҳаракатланиш учун мўлжалланган бир нечта УАЗ-3909, ВАЗ-2131 автоуловлари тадқикотчи гуруҳларга транспорт хизматларини кўрсатади. Барча автоуловлар реал вақтда уларнинг географик координаталарини аниқлаш имконини берувчи GPS қурилмалари билан жиҳозланган.



Фойдали хаволалар:
openinfo.uz
fondbozori.uz
Copyright © "Нефтгазтадқиқот" АЖ, 2017
Сайт материалларидан фойдаланилганда сайтга ҳавола қилиш мажбурийдир